Қамчиқ довонида юк машинаси хандаққа тушиб кетди

Қамчиқ довонида 9 октябрь куни «KIA» юк машинаси хандаққа тушиб кетди, ҳайдовчи воқеа пайтида машинадан сакраган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, воқеа 9 октябрь соат 05:30 да «Қамчиқ» довонидан ўтган Тошкент—Ўш автомобиль йўлида содир бўлган. Маълум қилинишича, мазкур йўлнинг 233 км даги Тошкент—Водий йўналишида ҳаракатланган «KIA» русумли автомашина ҳайдовчиси Х.Б. бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги хандаққа ёнбошлаб тушиб кетган. Маълум қилинишича, ҳайдовчи воқеа пайтида автомобилдан сакраб тушиб қолган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, воқеа жойига дастлаб «Қамчиқ» МҚЁҚБнинг 8-пост назоратидан сержант чиқиб, ҳайдовчига психологик ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг машинани хандақдан чиқариш учун «Қамчиқ» қутқарув отряди, йўл потрул хизмати ҳамда «Қамчиқавтойўл» ходимлари етиб келиб, вазиятни ўрганган. Шунга кўра «KIA» автомашинаси махсус техникалар ёрдамида хандақдан чиқариб олинган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Aввалроқ Қамчиқ довонида 2 та юк машинаси иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда «Isuzu» автомашинасининг «Камаз»га урилиши оқибатида ёнғин келиб чиққани хабар қилинганди.