Маҳалла вазирлиги Тошкентда боласининг ахлати едирилган аёл видеоси юзасидан муносабат билдирди

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими «Оққўрғон» маҳалласида яшовчи аёлнинг турмуш ўртоғи томонидан калтаклангани ва боласининг ахлати едирилгани аниқланган ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «НеМолчи.uz»

Ушбу ҳолат Мирзо Улуғбек тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган. Ўрганишлар давомида ҳолат Мирзо Улуғбек тумани «Оққўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини Ў.Султонов кўчаси 49-уй 12-хонадонда содир бўлганлиги аниқланган.

Маълум қилинишича, 1 октябрь куни тунги вақтда мазкур хонадонда истиқомат қилувчи, 1974 йилда туғилган фуқаро Р.И., турмуш ўртоғи 1985 йилда туғилган фуқаро Д.И.га маст ҳолда тазйиқ ўтказган ҳамда уни турли ғайриинсоний ҳаракатларни бажаришга мажбурлаган. Фуқаро Д.И. шу куннинг ўзида 102 қисқа рақами орқали турмуш ўртоғи томонидан калтаклангани ва унинг ғайриинсоний ҳаракатларни бажаришга мажбурлагани тўғрисида хабар қилган.

Шундан сўнг 2020 йилнинг 7 октябрь куни Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан фуқаро Д.И.га «ҳимоя ордери» берилган. Унга етказилган жароҳатларнинг оғирлигини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Шунингдек, жабрланувчи ва унинг вояга етмаган икки нафар фарзанди — 2008 йида туғилган қизи М.О. ва 2017 йилда туғилган қизи И.И.га тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар реабилитация ва мослаштириш марказига жойлаштирилган.

Қайд этилишича, фуқаро Р.И.га Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисми (Қийнаш) бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Оққўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини томонидан берилган маълумотларга кўра, мазкур оилада турли низо ва келишмовчиликлар доимий бўлиб турганлиги сабабли оила ҳозирга қадар МФЙнинг доимий назоратида бўлган. Бундан ташқари, карантин даврида оиланинг ижтимоий ҳолати ўрганилиб, «темир дафтар»га киритилган, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилган.

Аввалроқ Самарқандда аёлига памперс едириб, аёвсиз калтаклаган эрга чора кўрилгани, Сенат ушбу ҳолатни назоратга олгани хабар қилинган эди. Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилнозахон Каттаханова ҳам Мустаҳкам билан учрашиб, қўли гипсда бўлган Мустаҳкамни агентлик кўмаги билан тиббий кўрикдан ўтказилганини, аммо у ҳозирда стрессда эканини ўзининг Faceboook’даги саҳифасида маълум қилган. У Мустаҳкамнинг эрига қатъий қонуний чора кўрилса, бундай ҳолатлар сони камайишини ҳам таъкидлаган.

Янгиликлар