Олтиариқда 2 нафар қиз танишининг синглисини ранжитган қизни «самосуд» қилди (видeo)

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида икки нафар қиз танишининг синглисини ранжитган қизни «самосуд» қилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган Олтиариқ туманида яшовчи 3 нафар турмушга чиқмаган қизнинг ўзаро жанжали акс этган видеолавҳа юзасидан изоҳ берилди. Жамоат жойида карантин қоидаларига амал қилмаган икки нафар қиз танишининг синглисини ранжитгани учун учинчи қизни «самосуд» қилган.

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Исмоил Шариповнинг айтишича, мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тегишли баённомалар расмийлаштирилиб, ҳуқуқий баҳо бериш учун Риштон тумани маъмурий судига тақдим этилган.

Риштон тумани маъмурий судининг 23 октябрдаги ҳукмига кўра, қизларнинг икки нафарига 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси, 1 нафар қизга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида жарима қўлланилган.

Аввалроқ Тошкентда бир аёлни «самосуд» қилган уч нафар аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.