Қашқадарёнинг айрим туманларида электр узилишлари сабабли сув таъминоти тўхтатилди

Қашқадарёнинг 5 та туманида тўлиқ электр энергиясидан узилиш ҳолати рўй берган ва Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ туманларида жойлашган сув ишлаб чиқариш иншоотлари фаолияти тўхтаган. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар қилди.

Фото: «Qashqadaryo 24/7»

Хабарга кўра, 4 январь куни соат 6:59 да ва 10:10 да Қашқадарё вилояти «Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси»га қарашли нефть ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергияси билан таъминлаб турган «Нефтчи» подстанциясида реле ҳимоядан ўчган.

Шунингдек, Талимаржон ИЭСга етарли миқдорда газ бормагани сабабли, иккита энергоблок тўхтаган. Бунинг оқибатида Қашқадарёнинг бешта туманида тўлиқ электр энергиясидан узилиш ҳолати рўй берган ва Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ туманларида жойлашган сув ишлаб чиқариш иншоотлари фаолияти тўхтаган. Шу сабабли аҳолига сув етказиб беришда ҳам муаммолар юзага келган.

Қайд этилишича, ҳозирда «Иссиқлик манбаи» фаолиятида ҳам узилиш рўй бериб, кўпқаватли уйларнинг иситиш тизими тўлиқ қувват билан ишламаяпти. «Қашқадарё Сувтаъминот»нинг Қарши шаҳар бўлими тарафидан вилоят аҳолисига махсус техникаларда ичимлик суви етказиб берилаётгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Намангандаги ИЭСда юз берган фавқулодда ўчиш туфайли вилоятнинг катта ҳудуди электрсиз қолгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, Тўрақўрғон ИЭСдаги 2 та электр ишлаб чиқариш агрегати аварияли ҳолатда ўчиши сабабли 750 мегаватт қувват йўқотилган.

Шунингдек, Танзила Норбоева Сенат ялпи мажлисида ҳудудлардаги электр энергияси ва газ муаммоси ҳақида гапиргани ҳамда самарқандлик сенатор сўнгги пайтларда электр энергияси тинимсиз ўчаётганидан шикоят қилгани хабар қилинган.