Бухорода ҳайдовчи уни тўхтатмохчи бўлган ЙПХ ходимини машинасининг капоти устида «сайр қилдирди»

Бухоро вилояти Вобкент туманидаги ҳайдовчи, уни тўхтатмоқчи бўлган ЙПХ ходимини машинасининг капоти устида «сайр қилдирди». Бу ҳақда Buhara News хабар берди.

Фото: Buhara News

Хабарга кўра, 29 январь куни соат 15.30лар атрофида Кулолон маҳалласи Кулолчи кўчасида фуқаро М.С. «Tico»  русумли автомашинада светофорнинг қизил чироғига тўхтамасдан ҳаракатланиб келганлиги сабабли ЙПХ инспектори уни тўхтатишига қарамай инспектор турган йўналишда машинани бошқаришни давом этган.

«Содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида автомашинани тўхтатмасдан ходимга жуда яқин масофага қадар бошқариб бориши оқибатида ходим  йўл чеккасига қочишга улгурмасдан, автомашина капоти устига чиқиб қолган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ҳайдовчи М.С. автомашина билан ҳаракатланишда давом этиб, тахминан 50-60 метр масофада инспекторни транспорт воситаси капоти устида олиб юриб тўхтаган.

Шундан сўнг ЙПХ инспектори ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, автомашинани “Жарима майдони”га жойлаштирган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Шаҳрисабзда ЙПХ ходими машинасида одам уриб юборгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берган эди