Январь ойида 1 фоизлик инфляция қайд этилди

2021 йилнинг илк ойида Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга қимматлашди. Хизматлар нархи эса 1,4 фоизга кўтарилди.

Фото: Podrobno.uz

2021 йил январь ойида Ўзбекистон истеъмол бозоридаги инфляция даражаси 1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Таъкидланишича, ўтган йилнинг январь ойи билан таққослаганда, сўнгги бир йилда истеъмол секторида нархлар 11,6 фоизга ошган. Шу билан бирга, 2021 йилнинг илк ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар эса 1,4 фоизга қимматлаган. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳида булғор қалампири ва узум (8,6 фоиз) ҳамда анор (8,2 фоиз) нархлари сезиларли кўтарилган.

Гўшт маҳсулотлари 0,8 фоизга, сут маҳсулотлари ва тухум 1 фоизга, ёғ ва мой маҳсулотлари 1,5 фоизга, помидор 3,4 фоизга, картошка 2,3 фоизга, пиёз 2,2 фоизга, олий навли ун 1,4 фоизга, макарон маҳсулотлари 0,9 фоизга қимматлашган.

Маълум қилинишича, нархлар ошиши асосан мавсумий омиллар билан боғлиқ бўлган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 2020 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси неча фоизни ташкил қилгани маълум бўлгани ҳақида хабар қилинган эди.

Мавзуга доир: 

Ўзбекистонда 2020 йилда сўмнинг қадрсизланиш даражаси маълум қилинди