Водий вилоятларида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 2023 йилда 2,5 млрд долларга етказилади

Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Global textile infinity тўқимачилик корхонасини кўздан кечирди.

Қайд этилишича, бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг Риетер мачине wоркс ускуналари ўрнатилган. Корхона йилига 18 миллион метр аралаш мато ҳамда 10 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Европа давлатлари ва Хитойга 85 миллион евролик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг учун корхонада сифат лабораторияси ташкил этилган. Президент тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш, таниқли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган. 2023 йил мартда тўқима мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Корхонада қўшимча ишга туширилаётган объектлар: Учкўприк туманида лойиҳа қиймати 35 миллион евролик ип-калава ва мато ишлаб чиқариш ҳамда 15 м.иллион долларлик пахтани қайта ишлаш корхоналари.

Яратиладиган иш ўрни: жами 4 800 та, шундан:

  • Қўштепа туманида – 3000 та,
  • Учкўприк туманида – 1800 та.

Бундан ташқари, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологиялар қўлланмоқда. Иншоотнинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Буларнинг натижасида қарийб 23 фоизгача энергия самарадорлигига эришиш мумкин.

Ҳозирги биринчи босқичда фабрикада 1 минг 500 нафар киши ишламоқда. Жорий йил мартда фабрикада тўқима мато ишлаб чиқариш бошланади. Шунингдек, Учкўприк туманида ип-калава ва мато тайёрлаш ҳамда пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этилмоқда. Шунда кластердаги жами иш ўрни 4 минг 800 тага етади. Бу ерда ўқув ва касаначилик маркази ҳам очилган. Унда корхона учун зарур 4 та йўналишда мутахассислар тайёрланмоқда.

Ушбу кластер мажмуасида водий вилоятларида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилган. Ўтган олти йилда бу вилоятларда 35 та кластер ташкил этилиб, 670 миллион долларлик 150 дан ортиқ йирик лойиҳа ишга туширилган.

26 январда пахтачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид Президент қарори қабул қилинган. Унга кўра, кластерлар пахта етиштиришга ўғит, уруғ, ёқилғи учун имтиёзли кредитларни исталган вақтда олиш имконига эга бўлди. Уларга ғўза навларини мустақил жойлаштириш, четдан ҳосилдор навларни селекция учун олиб келишга рухсат берилган.

Шунингдек, лазерли текислагичларни сотиб олишда улар қийматининг 30 фоизи буджетдан қоплаб берилади. Ишлаб чиқаришни илм билан боғлаш мақсадида ҳар бир кластерга пахтачилик илмий ташкилотлари ва агрохизмат марказлари бириктирилади.

Йиғилишда мазкур чора-тадбирларнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилган.

Пахта ҳосилдорлигини ошириш, ип-калавани чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилган. Водий вилоятларида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини жорий йилда 2,5 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги таъкидланган.

Янгиликлар