Самарқанд халқаро технология университетининг илк талабалари ўқишни бошладилар

2023 йил 1 февраль Самарқанд халқаро университети жамоаси ва талабалари учун унутилмас кун, сабаби мазкур санадан эътиборан университет таълим жараёнларига старт берилди. Талабалар «Тадбиркорлик ва менежмент» ва «Ахборот технологиялари» йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жорий йилнинг сентябрь ойида кенг йўналишлар бўйича талабаларни қабул қилиш имкониятига эга бўлган янги замонавий университет кампуси қурилиши давом этмоқда. Инновацион университетнинг асосий мақсади Ўзбекистонда технологик муҳандисларнинг янги авлодини тайёрлашдир.

Университет биринчи кунданоқ бўлажак мутахассисларни тайёрлаш ва амалиётини ташкил этишда энг замонавий халқаро стандартлар ва мезонлар асосида иш олиб бормоқда. Университетдаги Халқаро мақоми энг тўғридан-тўғри тасдиқланган — унинг профессор-ўқитувчилари таркибига аллақачон дунёнинг энг яхши мутахассислари киритилган ва энг муносиб ўқитувчилар ва мураббийларни танлаш доимий асосда амалга оширилади.

Дастлаб Самарқанд халқаро технология университетининг илк талабаларини университет ректори, профессор Юсуф Абдуллаев табриклади. Танловдан ўтган энг муносиб номзодлар шу ерда ўқишни бошлашини таъкидлади. Улар келажакда Янги Ўзбекистон учун жуда зарур бўлган ҳақиқий касб эгалари бўлишлари учун ўқишлари давомида ушбу университетга мослик даражасини исботлашлари керак бўлади.

Дарслар аввалида талабаларга университет жамоаси ҳамда хорижлик профессор-ўқитувчилар таркиби: СХТУ биринчи проректори Италиялик профессор, Joseph Sapienza, тиллар маркази директори, Жанубий Африкалик профессор, Annamarie Basson, ахборот технологиялари маркази директори Ҳиндистонлик профессор Muhammad Gouse Galety, тайёрлов мактаби директори АҚШлик профессор, Ivy Silverman ҳамда талабалар ишлари бўйича декан Полшалик профессор Dorota Sylwia Majewiczлар таништирилди. Шунингдек, ҳар бир модул бўйича фанларнинг тақдимотлари ўтказилиб, талабаларга ўқув режага киритилган фанларнинг зарурати хусусида маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, университетда Жанубий Кореялик профессор, Ипак йўли университетлар тармоғи директори Xvang Sung Don бошчилигида «Корея технология ва маданият коллежи» ташкил этилганлиги эълон қилинди.

Самарқанд халқаро технология университети таълимда айнан бўлажак мутахассисларни тайёрлаш сифатини асосий мезон сифатида белгилаб беради. Бугунги кунда билим ва инновацияларга доимий интилишсиз техник соҳада ҳақиқий профессионал бўлиш мумкин эмас.

Бинобарин, янги олий ўқув юрти нафақат талабалар учун энг яхши номзодларни танлаб олади, балки ёшларнинг камол топиши, уларнинг имконият ва ютуқлари ортиши учун барча шароитларни яратиб беради.

Мамлакат ривожи учун юқори даражадаги техник мутахассислар, жумладан, энергетика ва нефть-газ саноати, кончилик, ахборот технологиялари каби давлат иқтисодиётининг асослари муҳимлигини ҳисобга олиб, «ERIELL Group» бошқаруви раиси, университет ҳомийлар кенгаши раиси, Бахтиёр Фазилов давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатини тарғиб этиб, инсонлар ҳаётига янгича мазмун бахш этиш мақсадида кириш имтиҳонларида энг юқори натижага эришган ва ижтимоий ёрдамга муҳтож жами 3 нафар талабаларга компания томонидан тегишли грант ажратилди.

Маълумот ўрнида, университетда баҳорги семестрда Тадбиркорлик ва менежмент ҳамда Ахборот технологиялари таълим йўналишларига 35 нафар талаба қабул қилинди. Кузги семестрда эса талабалар учун нефть-газ муҳандислиги, кимё муҳандислиги, кончилик иши, геология ва геология муҳандислиги, электротехника каби йўналишлари очилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 4 февраль – Самарқанд халқаро технология университети расман давлат рўйхатида қайд этилган ва юридик мақомга эга бўлган кундир. Жорий йилда ушбу санага бир йил тўлди. Шу муносабат билан университет жамоаси 4 февраль санасини университетнинг расман фаолият бошлаган куни сифатида нишонлаши белгиланган.

Янгиликлар