Ўзбекистонда ЙПХ ходимларига наркотестердан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Вазирлар маҳкамасининг қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Унда қайд этилишича, йўл-патруль хизмати ходимларига транспорт воситалари ҳайдовчиларининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлашда наркотестер махсус техник воситасидан фойдаланиш ҳамда аниқланган ҳолатлар бўйича транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан чора кўришга рухсат берилмоқда.
«Текширув ЙПХ ходими томонидан махсус мослама (алкотестер, наркотестер) ёрдамида белгиланган тартибда транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси миқдорини ёки биологик суюқлик (сўлак)да гиёҳвандлик ёхуд психотроп моддалар борлигини аниқлаш орқали ўтказилади», — дейилади хабарда.
Шунингдек, транспорт воситаси ҳайдовчиси алкотестерда ўтказилган текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ёхуд транспорт воситаси ҳайдовчисининг оғиз бўшлиғидан олинган биологик суюқлик (сўлак) наркотестер ёрдамида текшириб кўрилиб, унинг гиёҳванд модда истеъмол қилганлиги аниқланган ҳолларда ЙПХ ходими транспорт воситасини бошқараётган шахснинг алкоголли ичимликлар, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларига олиб боради.