БМТ муҳтожларга ёрдам бериш учун рекорд даражада пул ажратишга чақирмоқда

Дунёнинг 70 га яқин мамлакатидаги 230 миллион энг заиф одамларга ёрдам бериш учун келаси йили рекорд даражадаги 51,5 миллиард доллар йиғилиши керак. Бу ҳақда кеча, 1 декабрь куни БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш бўйича мувофиқлаштирувчиси Мартин Гриффитс маълум қилди.

Маблағларнинг режалаштирилган даражаси – бу йилгидан 25 фоизга юқори – БМТ ҳисоб-китобларига кўра, дунёда муҳтож одамларнинг умумий сони 65 миллион кишига кўпайишини акс эттиради.

Женевада Global Humanitarian Review ҳисоботи тақдимотида сўзлаган Гриффитс бу маблағларни ижтимоий-иқтисодий тубсизлик бўйида қолган одамлар учун «ҳаёт чизиғи» деб атади.

«Эҳтиёжлар кескин ошиб бормоқда, чунки биз Украинадаги уруш, коронавирус пандемияси, иқлим ўзгариши билан шуғулланмоқдамиз. Мен 2023 йилда мавжуд салбий тенденциялар фақат ёмонлашишидан қўрқаман. Шу билан бирга, келгуси йил ҳамжиҳатлик йили бўлишига умид қиламиз», дейди БМТ раҳбари ўринбосари.

Гриффитснинг эслашича, бутун дунё бўйлаб, Покистондан Африка шохигача (Сомали, Эфиопия, Эритрея ва Жибути) бўлган кўплаб одамлар ҳалокатли қурғоқчилик ва сув тошқинларидан азият чекди.

«Украинадаги уруш Европанинг бир қисмини жанг майдонига айлантирди. Дунё бўйлаб 100 миллиондан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Ва буларнинг барчаси пандемиянинг ҳалокатли оқибатлари фонида», дея қўшимча қилди у.

Унга кўра, 53 мамлакатда камида 222 миллион киши жорий йил охиригача озиқ-овқат билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келади. Келгуси йилда 37 мамлакатда 45 миллион одам очликдан ўлиш хавфи остида.

Шу билан бирга, Гриффитс донорлардан сўралган суммани тўлиқ олиш жуда қийин бўлишини тан олди. Бу йил БМТнинг Глобал гуманитар мурожаати атиги 47 фоиз молиялаштирилди.

«Ўтган йилларда молиялаштириш даражаси 60-65 фоизга етган бўлса, бу аниқ муваффақиятсизлик», дейди БМТ раҳбари ўринбосари.

Янгиликлар