Ўзбекистон демократия индексида икки поғонага юқорилади

Ўзбекистон The Economist ҳар йили тузадиган демократия индексида икки поғонага кўтарилиб, 155-ўринни эгаллади. Бу ҳақда The Economistʼга таяниб Kapital.uz хабар берди.

Маълум бўлишича, 167 мамлакатдан иборат янги рўйхатда Ўзбекистон 2,12 балл олиб, 2019 йилдаги билан солиштирганда икки поғонага кўтарилди. Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳали-ҳануз «авторитар» режимлар рўйхатида.

Ўрта Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон (128-ўрин) ва Қирғизистон (107-ўрин) индексда Ўзбекистондан юқори. Қуйида фақат Тожикистон (159-ўрин) ва Туркманистон (162-ўрин) жойлашган.

«Беларусь, Озарбайжон ва Марказий Осиёнинг тўртта мамлакатида (Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон — таҳр.) диктатура мавжуд бўлиб, унда раҳбарлар баъзан ўнлаб йиллар давомида ўз ўрнида қоладилар», – дея таъкидлайди Economist.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу мамлакатларнинг аксариятида рейтинглар кўтарилиши ҳукумат ва сиёсий партияларга нисбатан ишончнинг ўсиши билан боғлиқ.

Норвегия яна 9,81 балл билан рейтингнинг биринчи поғонасида турибди. Ундан кейин 9,37 балл билан Исландия ва 9,26 балл билан Швеция жойлашган. Кучли бешликка 9,25 балл билан Янги Зеландия ва 9,24 балл билан Канада ҳам қўшилган. Шимолий Корея 1,08 балл билан яна бир бор индексни якунламоқда.

Economist Intelligence Unit демократия индексини 2006 йилдан бери нашр этиб келади. Рейтинг беш тоифага асосланган: сайловлар ва плюрализм; ҳукумат фаолияти; жамоатчиликнинг сиёсатдаги иштироки; сиёсий маданият; фуқаролик эркинликлари.

Ушбу тоифалардаги бир қатор кўрсаткичлар бўйича баллар асосида ҳар бир мамлакат тўртта режим турларидан бири сифатида таснифланади: «тўлиқ демократия», «номукаммал демократия», «гибрид режим» ёки «авторитар режим».

Янгиликлар