Тошкентда бунёд этилаётган кўп қаватли уйлардан бирининг қурилиши ноқонуний эканлиги аниқларди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Абдуллаева кўчаси 59-уй манзилидаги «Кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши» объектининг сифатсиз қурилиши ҳақида хабар тарқалган эди.

Шундан сўнг, ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилиб Қурилиш вазирлиги томонидан бунга изоҳ берилди.

Фото: Қурилиш вазирлиги

Маълум бўлишича, фуқаро Ф.Х.Эргашевга Яккасарой тумани, Имом Ат-Термизий кўчасида жойлашган мавжуд юридик хужжатга эга офис биносини «ертўла қаватларида автотураргоҳ, пастки қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган турар жой биноси» га ихтисослаштириб, реконструкция қилиш учун рухсат берилган.

Шунингдек, Ф.Х.Эргашев ва «CREATIVE ARCH DESIGN GROUP» ўртасида лойиҳа смета ишларини амалга ошириш учун шартнома қилиниб, лойиҳалаш ишлари олиб борилаётган бўлган.

Қисқа муддатли инспекторлик текшируви натижаларига кўра, Тошкент шаҳар ҚСҲН инспекциясини қурилиш-монтаж ишларини бошлашда хабардор қилмасдан ноқонуний равишда қурилиш-монтаж ишларини бошлаганлиги, қурилиш объектида муаллифлик ва техник назорати умуман олиб борилмаганлиги аниқланган.

Фото: Қурилиш вазирлиги

Таъкидланишича, белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ҚСҲН инспекциясини хабардор қилиб, рўйхатдан ўтиш  мажбуриятларни бажармаган ҳамда  маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 99-моддаси 7-қисмида кўрсатилган қонунбузарликларни содир этган.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Абдуллаева кўчаси  яшовчи «Кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши» объектида қурилиш ишларига маъсул шахс Э.Ф. га нисбатан  маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 99-модда 7-қисмини қўллаб, кўриб чиқиши юзасидан  Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Маъмурий судига тўпланган ҳужжатлар юборилган.