Янгийўл шаҳрида 8 яшар қизни номаълум шахс олиб кетмоқчи бўлди

Ижтимоий тармоқларда «Янгийўл шаҳрида 8 яшар қизни номаълум шахс олиб кетмоқчи бўлди» номи билан тарқатилган хабар юзасидан изоҳ берилди. Бу ҳақда Тошкент вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Тошкент вилоят ИИББ

Маълум бўлишича, 29 январь куни 12:00 да  Янгийўл шаҳрида яшовчи 2013 йилда туғилган, 1 синф ўқувчиси С.А. дарсини тугатиб мактабдан чиққан вақтида, унинг ёнига номаълум шахс келган ва у билан суҳбатлашган. Таъкидланишича, номаълум шахс қизалоққа ширинлик олиб беришини айтиб, қўлидаги мактаб сумкасини олиб биргаликда бозор томонга ҳаракатланган.

Қайд этилишича, улар бироз йўл юргандан кейин қизалоқ у билан кетмаслигини айтиб, йиғлай бошлаган. Шундан сўнг у қизга мактаб сумкасини қайтариб берган ва ўзи йўлда давом этган. Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео хабарларда ҳам акс эттирилган.

Ҳолат бўйича ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суруштирув ишлари амалга оширилган.

Суруштирув давомида қизнинг ота-онаси видео тасвирда акс этган шахсни танимаслигини маълум қилган.

«Ушбу ўқувчи қиз соғлом ва ота-онаси ёнида. Ҳозирда у мактабда дарсларида иштирок этмоқда», – дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу шахснинг кимлигини аниқлаш ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан шаҳар ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.

Янгиликлар