«Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни биргаликда барпо этамиз» — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Жўқорғи Кенгесда бўлиб ўтган йиғилишда Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистон биргаликда қурилишини маълум қилди.

Президент нутқи давомида ушбу таҳликали вазиятда мамлакатдаги  турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳақида гапирди.

«Фурсатдан фойдаланиб, мен Ўзбекистонни ўз она Ватани деб биладиган барча ватандошларимизга, муҳтарам отахон ва онахонларимизга, қадрли ака-ука ва опа-сингилларимизга, азиз фарзандларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман.

Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги вақтда дунёнинг турли минтақаларида ўзаро шафқатсиз рақобат, миллатлараро ва динлараро зиддиятлар, сепаратизм, миллатчилик, радикализм каби таҳдидлар тобора кучайиб бормоқда.

Ана шундай таҳликали вазиятда мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва динга мансуб инсонлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, гўзал диёримизда барқарор ва бардавом тараққиётни таъминлаш, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини, унинг эртанги кунга бўлган ишончини ошириш барчамизнинг, аввало, раҳбар ва мутасаддиларнинг нафақат вазифаси, балки муқаддас инсоний бурчидир», — дейди давлат раҳбари.

Шунингдек, Президент халққа мурожаат қилиб, Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистон биргаликда қурилишини маълум қилди.

«Биз фақат мана шу йўл билан бугунги куннинг барча таҳдид ва хавф-хатарларига муносиб жавоб беришимиз, турли бузғунчи ғояларга қарши жамиятимизда, аввало, ёшларимиз қалбида мустаҳкам иммунитет яратишимиз, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танланган демократик ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмасдан янада самарали натижаларга эришишимиз мумкин.

Азиз юртдошлар!

Барчамиз учун Ватан битта. Бизни ягона, улуғ бир мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир. Биз Янги Ўзбекистон ва Янги Қорақалпоғистонни барчамиз биргаликда албатта барпо этамиз.

Ўз ҳаёти давомида тарихнинг кўп-кўп машаққатли синовларини мардона енгиб ўтган азму шижоатли, олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган мана шундай буюк мақсадларга албатта эришади, деб ишонаман», — дейди Мирзиёев.