Бухоро вилоятида Экология бошқармаси ходимлари вилоят Ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан калтакланди

Бухоро вилояти Жондор туманининг Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудида вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ўрмон хўжалиги бошқармаси ходимлари ўртасидаги жанжал келиб чиқди. Бу ҳақда Daryo хабар бермоқда.

Фото: Daryo

Таъкидланишича,  28 январь куни вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 7 нафар ходими Жондор туманининг Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудига чиқиб, саксовул ўсимлигини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш бўйича рейд ўтказган.

Ушбу рейдда Жондор туман ўрмон хўжалигига тегишли 2 та «Niva» ҳамда 1 та «Жигули» автомашиналарда хўжаликнинг ўнга яқин ходими келиб, экология ходимлари билан жанжаллашган ва уларни калтаклаган.

Хабарга кўра, ўша куни соат 18:30 дан 19:00 га қадар бўлган вақт оралиғида экология ходимлари томонидан ташкил қилинган махсус тадбирда ўз шахсий автомашинасида саксовул ўсимлигини яширин равишда олиб кетаётган фуқаро қўлга олинган. Фуқародан тушунтириш хатлари олиниб, далолатнома тузилган ва автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.

«Биз рейдга иккита автомашинада чиққанмиз, бири бошқармага тегишли «Нива» бўлиб, иккинчиси инспекция ходими Д.Б. бошқарувидаги Lacetti эди. Биз тахминан соат 20:00 да саксовулни талон-торож қилган фуқаронинг қинғир иши билан боғлиқ ҳолатни якунлаб, рейдни яна давом эттириш мақсадида яна Варахша чўл массивидаги Лайлактепа ҳудудига қайтдик. Бу пайтгача бизни Жондор тумани ўрмон хўжалиги участка бошлиғи Н.Ҳ. бир неча марта кузатиб кетди. Соат 22:00 да бизнинг кутув объектимизга кутилмаганда 2 та »Niva» ва 1 та «Жигули» келиб тўхтади. Ундан тушган 10 га яқин киши ўзларини ўрмон хўжалиги ходимлари деб таништирди. Аввалига бошқармамизга тегишли »Niva» ҳайдовчисига мушт кўтарди. Ҳар бирининг қўлида махсус ясалган таёқлар ва темир анжомлар бор эди. Биз эса бундай пайтда машинадан тушиш ёки тушмасликни билмадик. Тўғриси, ўзимизнинг ҳимоямиз учун машиналар эшигини қулфлаб, ойналарини кўтардик. Бироқ улар худди қутирган кимсалардек, Lacetti’нинг олд ойнасини чил-чил қилишди. Қочишга мажбур бўлдик. Улар 6 киши эдик, дейишяпти, аслида, улар 10 дан ортиқ эди», — деб таъкидлаган вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси.

Фото: Daryo

Манбада келтирилишича, Жондор туман ўрмон хўжалиги ходимларининг қалтис ҳаракатлари оқибатида кўнгилсизлик юзага келган. Экология инспектори Д.Б.нинг кўз ва кўз атрофи, юз қисмларига автомашинаси ойнасининг зарб билан синиб сочилиши сабабли шиша синиқлари кирган ва қаттиқ жароҳатланган.

Шундан сўнг, Д.Б. икки кун давомида вилоят Кўз касалликлари шифохонасида даволанган ва кўзларидан 6—7 дона шиша синиқлари чиқариб олинган.

Фото: Daryo

Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг маълум қилишича, Жондор туман ИИБ навбатчилик қисмида терговга қадар текширув ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Янгиликлар