Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш нархи маълум қилинди

Ўзбекистонда 2021 йил 1 февралдан бошлаб туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш нархи ва қайд этишда қандай хизматлар кўрсатилиши маълум қилинди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева маълумот берди.

Фото: zarnews.uz

Айтилишича, 2021 йил 1 февралдан базавий ҳисоблаш миқдори 245 минг сўм қилиб белгиланди. Шунга кўра:

  • Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома учун фақат герб йиғими ундирилади: бу (БҲМнинг 15 фоизи) 36 750 сўмни ташкил этади.
  • Туғилганлик ҳақида такроран бериладиган гувоҳнома учун: жами 73 500 сўм – давлат божи (15 фоиз) 36 750 сўм, герб йиғими (15 фоиз) – 36 750 сўм.
  • Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани жойига чиқиб, тантанали вазиятда бериш учун: герб йиғими (15 фоиз) – 36 750 сўм ҳамда (50 фоиз) 122 500 сўм.

Шунингдек, бола туғилган жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола туғилгач, 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни «Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан, перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш» ахборот алмашинуви тизимига киритади. Маълумотлар автоматик тарзда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимига юборилади.

Бундан ташқари, ФҲДЁ бўлими маълумотларни қабул қилиб олгач, 3 иш соати ичида кўриб чиқади ва болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиради.

Маълумотлар комплекс тартибда бошқа хизматларни кўрсатиш учун автоматик равишда ИИВ, МТВ, ССВ ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот тизимларига юборилади. Шунга кўра:

  • Туман (шаҳар) ИИБ болани 1 кун ичида тегишли манзил бўйича доимий рўйхатга қўяди;
  • МТВ мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимида сўровда кўрсатилган боғчага болани автоматик равишда навбатга қўяди;
  • ССВ 1 иш куни ичида она рўйхатда турган поликлиникага (рўйхатда турмаган тақдирда доимий ёки вақтинча рўйхатда турган яшаш манзилидаги поликлиникага) болани рўйхатга қўяди;
  • Пенсия жамғармаси бўлими фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини автоматик равишда расмийлаштиради.

Маълум қилинишича, туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида 2021 йил 1 февралдан барча вилоят марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб бутун республика ҳудудида кўрсатилади.

Янгиликлар