Россияда ўзбек тилидаги телеканаллар намойиши йўлга қўйилади

SPB TV компанияси билан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамда МДҲ ҳудудида ўзбек тилидаги телемаҳсулотларни тарқатиш тўғрисида шартнома имзоланди. Бу ҳақда «ТАСС» ахборот агентлиги маълум қилди.

Фото: tv.vybor.ru

Хабарга кўра, каналларни эфирга узатиш март ойидан бошлаб, Россия ва МДҲнинг турли OTT TV-платформаларида амалга оширилади, баъзи провайдерлар билан келишувлар амалга оширилган.

Маълум бўлишича, биринчи марта ўзбек тилидаги телемаҳсулотлар Россия ва МДҲ мамлакатларидаги телевизион платформаларга расмий кириш ҳуқуқини олади. Россия ва МДҲ мамлакатлари бўйлаб аудитория камида 2,5 миллион томошабинни ташкил қилиши кутилмоқда. Айни вақтда Россияда икки миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси доимий равишда яшайди.

Қайд этилишича, телетомошабинларда Ўзбекистоннинг 12 та миллий каналлари, спорт, янгиликлар, оммабоп ва кўнгилочар дастурларни кўриш имконияти бўлади.

«Ушбу аудитория ўз она тилидаги контентдан ажратиб қўйилган эди. Бизнинг МТРК билан келишувимиз бу муаммони ҳал қилади. Ишонаманки, ўзбек тилидаги сифатли ва хилма-хил контент талабга жавоб беради ва пул ишлаш учун янги истиқболларни очиб беради», — дейди SPB TV бош директори Кирилл Филиппов.

Таъкидланишича, телекўрсатувларни турли мобил экранлар, планшетлар, персонал компьютер ва SmartTV орқали юқори сифатда томоша қилиш мумкин.

Янгиликлар