Сирдарёда ноқонуний равишда диний таълимдан дарс бераётган шахслар аниқланди. Дарсга кимлар жалб этилганди?

Гулистон шаҳрида вояга етмаган ўрта мактаб ўқувчилари пандемия сабабли онлайн тарзга ўтказилган дарсларга иштирок этмай, мунтазам равишда яширин диний сабоқ олиб келган, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Фото: Сирдарё вилоят ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, Гулистон шаҳрида яшовчи 1981 йилда туғилган Б.Н. ва унинг овсини 1984 йилда туғилган И.М ҳеч қандай расмий диний маълумотга эга бўлмай туриб, 9 нафар вояга етмаган мактаб ўқувчилари ва 6 нафар аёл-қизларга ноқонуний диний таълимдан дарс бериб келаётганлиги Сирдарё вилоят ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан аниқланган.

Шунингдек, уйда таълим берган И.М нинг уяли телефон аппарати мутахассис ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг хотирасида номаълум шахсларнинг диний маърузалари мавжудлиги аниқланиб, диншунослик экспертизадан ўтказиш учун расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан, ички ишлар органлари томонидан мавжуд қонунчилик доирасида тегишли чоралар кўриш бўйича ишлар олиб борилмоқда.