Жиззахда кучли сел оқибатида уйлар ва йўлларни сув босди

Жиззах вилояти Зомин туманининг тоғли ҳудудларида 4 май куни кучли ёғингарчилик кузатилди.

Қайд этилишича, ёғингарчиликдан сўнг туманнинг Пешағор, Аччи ва Шўрча қишлоқларидан ўтган сойлардан сел сувларининг оқиши кузатилган. Ҳодиса оқибатида сел сувлари Жиззах–Зомин автомобиль йўли остида ўрнатилган қувурларга сиғмасдан, ушбу йўлнинг 25, 26, 27-километрлари устидан тошиб, яна сой ўзани бўйлаб оқиб ўтган.

Зудлик билан воқеа жойига етиб борган ФВВ қутқарувчилари сувда оқиб келаётган Қонғли қишлоғида яшовчи 20 ёшли фуқаро Э.Н.ни қутқариб олган. Ҳозирда ушбу фуқаронинг аҳволи яхши, тан жароҳати олмаган.

Сел оқими оқибатида аҳоли томорқалари, ҳовлилари ва ички кўчаларда сув тошиши ҳолатлари кузатилган. Воқеа жойида вилоят ФВБ раҳбарияти бошчилигида қутқарувчилар тегишли хизматларнинг куч ва воситалари томонидан сел сувлари тошган кўчалар, аҳоли хонадонлари ўрганилмоқда, йўлларда хавфсизлик ЙҲХ хизмати томонидан назоратга олинган.

Янгиликлар