ДХХ Тошкент, Бухоро ва Андижонда гиёҳванд моддалар савдосига қарши тадбирлар ўтказди

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1976 йилда туғилган Б.Р. 1968 йилда туғилган А.К.дан 1 килограмм 296 грамм опий гиёҳванд моддасини Тошкент шаҳри ҳудудида қабул қилиб олган вақтида ушланди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида яшовчи Б.Р. Тожикистондаги оғуфуруш танишлари ёрдамида қўшни мамлакатдан гиёҳванд моддаларни республикамиз ҳудудига олиб кириш ва сотиш билан шуғулланган. Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи А.К. эса навбатдаги гиёҳванд моддани унга келтириб берган.

ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Когон шаҳрида ҳаракатланаётган «Nexia» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг салонида бўлган 1981 йил Қоракўл туманида туғилган У.А.нинг ёнида 293 грамм опий гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

ДХХ ходимларининг Тошкент вилояти божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида ўтказган тезкор тадбирида эса «Orlando» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада машинада йўловчи сифатида кетаётган 1969 йилда туғилган Н.М.нинг ҳамда 1988 йилда туғилган М.Ж.нинг ёнидан жами 273 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаси топилди.

Шунингдек, мазкур автомашинада бўлган уларнинг шериги 1974 йилда туғилган С.Т. ҳам ушланди. Аниқланишича, М.Ж. ушбу гиёҳванд моддаларни Тожикистонда истиқомат қилувчи шахсдан 2000 АҚШ долларига сотиб олган.

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси томонидан вилоят божхона бошқармаси ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам судланган фуқаролар М.М. ва Э.З.лар кетаётган «Nexia» русумли автомашина тўхтатилиб текширилди. Автомобиль кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 5600 дона лирика дори воситаси борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, ушбу дори воситаларини Қирғизистон Республикаси фуқароси бўлган «Кайрат» исмли шахс айланма йўллар орқали мамлакатимиз ҳудудига ўтказиб, М.М. ва Э.З.ларга 70 млн. сўмга сотган.

Кейинги ҳолатда эса Андижон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро Р.Т. қўшни Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 2800 дона регапен кучли таъсир қилувчи дори воситасини Шахрихон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Х.С.дан 30 миллион сўмга сотиб олган вақтида ушланди.

Ҳозирда юқорида кўрсатилган ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда салкам 275 грамм гашиш олиб юрган «Orlando» йўловчилари қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда салкам 4,5 грамм героин сотган жиноий шериклар ушлангани хабар қилинган.

Янгиликлар