Туркияда қамоққа олинган журналист Абдукарим Мирзаевнинг адвокати унинг иши бўйича қўшимча баёнот берди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ҳибсга олинган Абдукарим Мирзаевнинг адвокати Маҳмуд Саид Арслон унинг ҳеч қандай айби бўлмасада, ҳалигача озодликка чиқарилмаятгани ҳақидаги баёнотни тарқатди.

Кадр: YouTube

Адвокат ўзининг баёнотида Истанбул Бош прокуратурасининг буйруғи билан Абдукарим Мирзаевнинг уйида тинтув ўтказилиб, унинг телефони текширилганда жиноят ёки жиноят содир этилганига оид шубҳа туғдирадиган ҳеч қандай ҳолат аниқланмагани боис терговни олиб борувчи прокурор томонидан ҳатто унинг кўрсатмалари ҳам олинмаганини таъкидлаган:

 «Ўзбекистон фуқароси Абдукарим Мирзаев, Ўзбекистон ва Туркияда номи кенг жамоатчиликка маълум бўлган ва тан олинган, ҳурматга сазовор журналист, ёзувчи ва режиссёрдир. У оиласи билан Кучукчекмежеда истиқомат қилади.

2020 йил 10 декабрда Истанбул Бош прокуратурасининг буйруғи билан Абдукарим Мирзаевнинг уйида тинтув ўтказилди ва унинг телефони текширилди. Жиноят ёки жиноят содир этилганига оид шубҳа туғдирадиган ҳеч қандай ҳолат аниқланмагани боис терговни олиб борувчи прокурор томонидан ҳатто унинг кўрсатмалари ҳам олинмади. Бироқ полиция гуруҳи Мирзаевни 3 кун мобайнида Кучукчекмеже полиция идорасида ушлаб тургач, уни 14 декабрь санасида Истанбул иммиграция маъмурияти ҳузуридаги Бинкилик (ГГМ) репатриация марказига топширди»

Шунингдек, баёнотда Истанбул иммиграция маъмурияти 15 декабрь куни Мирзаевга жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид қилгани учун депортация қилиш ва маъмурий қамоққа олиш тўғрисида буйруқ чиқаргани маълум қилинган:

«Истанбул иммиграция маъмурияти 15 декабрь куни Мирзаевга жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид қилгани учун депортация қилиш ва маъмурий қамоққа олиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Буйруқда эса Истанбул Бош прокуратураси томонидан ёзилган хат туфайли Мирзаев жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солган деган хулосага келингани ёзилган. Аммо Истанбул Бош прокуратураси томонидан ёзилган ҳеч бир ҳужжатда Мирзаевнинг жиноят содир этганлиги тўғрисида далил ёки маълумот мавжуд эмас, фақат тинтув ўтказиш талаб қилинган.

Абдукарим Мирзаев ҳеч қандай жиноятга алоқадор эмас. У Кастамону университети Ижтимоий фанлар институтида журналистика бўйича магистратура босқичида таҳсил олмоқда. У муносиб ва шарафли ҳаёт кечирмоқда. У Туркияда бўлиб турган муддат давомида кузатувчилари сони 1 миллиондан ошган ўз YouTube саҳифалари орқали медиа маҳсулотлар эълон қилган, жамоатчиликни маърифатга ундаган ва ҳеч бир нутқида ножоиз фикрларни ифода этмаган».

Баёнотда айтилишича, Мирзаевнинг ижтимоий тармоқдаги баъзи кузатувчилари ушбу иш ортида Ўзбекистон ҳукумати турганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини айблаган:

«Абдукарим Мирзаевнинг ижтимоий тармоқдаги кузатувчилари ушбу жараёндан хабардор бўлиб, Мирзаевнинг ватанга қайтариш марказида эканидан қаттиқ қайғуга тушишди. Ижтимоий тармоқларда #freeAbdukariM ва #FreedomtoAbdukarim остида бошланган кампанияда машҳур журналист Мирзаевни таниган инсонлар ушбу ҳолатга норозилик билдиришди. Мирзаевнинг ижтимоий тармоқдаги баъзи кузатувчилари ушбу иш ортида Ўзбекистон ҳукумати турганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини айблашди. Қарийб 35 минг твитдан сўнг, Ўзбекистон Бош прокуратураси баёнот бериб, Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинишини хоҳламаслигини билдирди. Шу маънода, маъмурий ҳибсга олиш тўғрисида мазкур қарор қабул қилиниши ортидан содир бўлган воқеалар икки мамлакат ўртасидаги дипломатик инқирозга олиб бормоқда.

Депортация операциясини бекор қилиш учун 1-сонли Истанбул маъмурий судига даъво аризаси киритилган. Маъмурий қамоқни тугатиш тўғрисида Истанбул Жиноят суди судларига юборилган аризалар мурожаат сабаблари ўрганилмаган ҳолда, ҳеч қандай асосларсиз рад этилди. Истанбул Иммиграция Бошқармаси ва Миграция Бош Бошқармасига қилинган мурожаатларга эса жавоб берилмаган.

Гарчи ҳеч қандай жиноятда гумондор қилинмагани ҳолда, Мирзаевни озодликдан маҳрум қилиш инсон ҳуқуқларини жиддий бузиш ҳисобланади, шу боис маъмурий қамоқ зудлик билан бекор қилиниши даркор».

Эслатиб ўтамиз, 11 декабрь куни Таниқли журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. Журналистни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлаган.

Кейинги куни ёлланган адвокат у билан учрашган, полицияга журналистнинг шубҳали шахслар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботловчи далил ва ҳужжатларни тақдим этган. Шубҳа ва гумонлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг уни мамлакатдан депортасия қилиш тўғрисида қарор чиқариб, Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборганди.

Кейинчалик Бош прокуратура Ўзбекистонда Абдукарим Мирзаевга ҳеч қандай иш очилмаганини маълум қилганди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Tez News»га маълум қилишича, Ўзбекистон томони Туркияда қўлга олинган ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаевнинг қўлга олинишига алоқадор эмас. Шунингдек, Бош прокуратурада Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ жиноий иш мавжуд эмас, унинг ўзи ҳам қидирувга берилмаган.

Янгиликлар