2021-2022 йилларда Фарғона вилоятига триллионлаб инвестиция киритилади

Президент иштирокида Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгаши сессияси ўтказилиб, 2021-2022 йилларда Фарғона вилоятида қиймати 17 триллион сўм бўлган 949 та инвестиция лойиҳа амалга оширилиши борасидаги чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабар берилишича, 2021-2022 йилларда Фарғонада 17 триллион сўмлик 949 инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бунда кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари  ва электротехника саноати «драйвер» бўлади.

Хусусан, «Фарғонаазот» акциядорлик жамиятида 537 миллион долларлик 3 та лойиҳа, тўқимачилик соҳасида 154 миллион долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилади.

Шунингдек, вилоятда ер ресурслари чеклангани туфайли дашт, яйлов ва адирликдаги 33 минг гектар ерларни ўзлаштириш режалаштирилганлиги айтилди.

Қайд этилишича, ушбу лойихалар учун ажратилган 350 миллиард сўмлик харажатларнинг 110 миллиарди субсидия ҳисобидан қоплаб берилади.

Жорий йил вилоятдаги 11 та жойда 105 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган. Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан 312 миллиард сўм маблағ эвазига 503 километр йўлларни таъмирлаш вазифаси қўйилган.

«Янги ташкил этилган Фарғона тиббиёт соғлиқни сақлаш институти салоҳиятидан самарали фойдаланиш, мақсадли тиббий кўрик ва консультациялар ўтказиш ҳамда 16 та оилавий тиббиёт маркази ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди», — дейилади хабарда.

Манбага кўра, аёллар ва болаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги айтилган. Хотин-қизларга ўз бизнесини очишда кўмаклашиш ва уй сотиб олиш учун дастлабки тўловни тўлаш, шунингдек ажралишларнинг олдини олиш муҳимлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг 19 туман ва шаҳарида биттадан ёшлар саноати ва тадбиркорлик зонаси ташкил этиш,  «Ёшлар: 1 + 1» лойиҳаси доирасида жорий йилда 8 мингдан ортиқ ишсизларни тадбиркорликка ўқитиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аваллроқ президент Фарғона вилоятига жўнаб кетганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Янгиликлар