ИИВ аёллар ўртасида оғир жиноятлар камайганини маълум қилди

ИИВ аёллар ўртасида оғир жиноятлар камайгани аммо, фирибгарлик ва ўғрилик сони ошиб бораётгани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди.

Фото: iiv.uz

Хабарга кўра, ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи полковник Бахтиёр Бердиалиев аёллар орасида ошиб бораётган жиноят турлари ҳақида «Аёллар етакчи лавозимларда: COVID-19 пандемияси шароитида тенг ҳуқуқли келажакка эришиш» мавзусидаги давра суҳбатида маълумот берган.

«Афсуски, аёллар ўртасида жиноятнинг баъзи турлари ошиб боряпти. Хусусан, фирибгарлик кўпайяпти. Аҳоли ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича тушунтириш ишларига қарамай, содда инсонларнинг ишончига кириб, мол-мулкини ўзлаштириб олаётганлар сони ортяпти.

2020 йил давомида аёллар томонидан содир этилган жиноятлар орасида фирибгарлик 30 фоизга, ўғрилик 28 фоизга ошган. Шу билан бирга, товламачилик 20 фоизга, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар 38 фоизга, шунингдек, оғир турдаги жиноятлар камайган. Статистика ҳар 100 000 нафар аёлга 32та жиноят тўғри келишини кўрсатмоқда. Яна бир ачинарли жиҳати, бундай инсонлар терговга тортилиб, суд ҳукмига кўра қонунда белгиланган жазосини олади, лекин жабрланувчилар кўп ҳолларда йўқотган мулкини узоқ сарсонгарчиликдан сўнг мажбурий ижро орқали қайтариб олади ёки умуман ундира олмайди», – дейди Бахтиёр Бердиалиев.