Тошкент вилоятида АKIS Агрохизматлар маркази тақдимоти бўлиб ўтди – фоторепортаж

2 апрель куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида AKIS Агрохизматлар маркази (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази)нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Teznews мухбири тақдимот маросимидан фоторепортаж тайёрлади.

Фото: Tez News/ Dilruh Isomiddinova

30 март куни Шавкат Мирзиёев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг Тошкент вилоятида AKIS Агрохизматлар маркази ҳамда унинг қошидаги Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик тадқиқот маркази очилган эди.

Фото: Tez News/ Dilruh Isomiddinova

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев соҳани ривожлантиришда “илм, инновация ва таълимсиз замонавий қишлоқ хўжалиги бўлмайди” деган ғояга таяниш лозимлигини таъкидлади.

Фото: Tez News/ Dilruh Isomiddinova

«AKIS маркази — бу аграр соҳада илм-фан ва дала интеграцияси бобидаги биринчи қадамимиз… AKIS марказлари орқали нафақат фермер-деҳқонлар зарурий билимга эга бўлади, балки бу билан биз қишлоқ хўжалиги секторининг барча давлат ташкилотларини трансформация қилишни мўлжаллаганмиз… Биз ҳар бир меҳмонни тинглашга ва Марказ ҳамда ушбу соҳага ҳисса қўшмоқчи бўлган инсонларга зарур шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Ягона мақсадимиз, янги тизим самарали ишласин», — деди Ходжаев.

Фото: Tez News/ Dilruh Isomiddinova

Бундан ташқари, тақдимотда иштирок этган Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Шарлотта Адриан ҳам сўзга чиқиб янги марказ истиқболлари ва мақсади ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Европа Иттифоқидаги (ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги) барча АКИС тизимларини бирлаштирадиган асосий элемент — бу аслида одамлар ва ташкилотларни ўзаро ўрганиш, ижодкорлик, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ билим ва маълумотлар алмашиш. Улардан айрим инсонларнинг, хусусан, аёлларнинг ҳаётини яхшилаш учун, ҳамда қимматбаҳо табиий бойликларимиздан барқарор фойдаланишни таъминлашга интилиш муҳимдир», — деди элчи.

Фото: Tez News/ Dilruh Isomiddinova

Таъкидланишича, AKIS марказида фермер, деҳқон хўжаликлари, кластерлар, томорқа ер эгалари учун 100 дан ортиқ агрохизматлар тақдим этилади. Бундан ташқари, у ерда мақсадли аудиторияси билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришувчи хусусий ва хорижий агро-йўналтирилган компаниялар учун шароитлар тақдим этилган. Қишлоқ хўжалиги сектори вакиллари шу триқа Тошкент вилоятидаги Агрохизматлар маркази ҳудудида лаборатория, консультация, юридик хизматлар, кенг кўламдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳарид қилиш, соҳанинг бошқа иштирокчилари билан алоқа ва муносабатлар ўрнатиш ва уларни кучайтириш имконига эга бўладилар.

Фото: Tez News/ Dilruh Isomiddinova

Шунингдек, марказда давлат агрохизматлари павильони (марказий бино), лабораториялар сектори (14 та илмий-тадқиқот институти ва аграр соҳадаги лабораториялардан иборат) ҳам мавжуд. Лабораториялар секторида 5 хил: ўсимликлар ҳимояси, агрокимё ва тупроқ таҳлили, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификатлаш, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги, ветеринария йўналишлари бўйича 45 та хизмат тури кўрсатилади.

Фото: Tez News/ Dilruh Isomiddinova

Бундан ташқари, ўқув ва маъруза аудиторияларида маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари, маърузалар ва тренинглар ўтказилиб, баъзи аудиториялар чет эллик агромаслаҳатчилар билан тўғридан-тўғри онлайн алоқа олиб бориш учун махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Таъкидланишича, AKIS маркази фаолияти доирасида Буюк Британия, Туркия, Италия, Венгрия, Австралия, Франция, Россия ва бошқа давлатлардан 20 га яқин хорижий экспертлар кўмаги назарда тутилган.

Шунингдек, марказда махсус автомобиллар жамланган автопарк ҳам мавжуд бўлиб, у фермерларга 9 йўналишдаги сайёр мобил лабораториялар хизматидан фойдаланиш имконини беради.

Фото: Tez News/ Dilruh Isomiddinova

Марказда, шунингдек, «akis – agroxizmatlar» хусусий сектори хизмати павильони, agrobozor, демо-майдонча, AKIS дала тажриба майдонлари ҳам мавжуд. AKIS агрохизматлар марказида Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигидаги картошкачилик тадқиқот маркази фаолият юритиб, у ерда венгриялик мутахассислар ўзбек олимлари билан ҳамкорликда картошканинг вирусга ўта чидамли ва бошқа турлари, шу жумладан, IN VITRO технологияси ёрдамида етиштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширади.