Мирзиёев 70 ёшни қаршилаётган Путинни «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни «Олий Даражали Дўстлик» ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини ривожлантириш ҳамда таваллудининг 70 йиллик юбилейи муносабати билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путин Ўзбекистон Республикасининг “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотланди», деган Асадов.

Маълумот учун, Владимир Путин эртага, 7 октябрь куни туғилган кунини нишонлайди. У 70 ёшни қаршилайд.

«Олий Даражали Дўстлик» ордени билан Ўзбекистон Республикаси халқининг чексиз ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро дўстлик, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини барқарор ривожлантиришда, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳал этишда юксак сиёсий ирода намоён этган, фаол ташаббусларни илгари сурган ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга янгича руҳ, чуқур ва амалий мазмун бағишлаган ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдидаги алоҳида эътироф этилган юксак хизматлари учун:

  • хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;
  • хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;
  •  халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари;
  • атоқли давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, маънавият, маданият ва спорт соҳаларининг кўзга кўринган улкан намояндалари, инсонпарварлик руҳидаги эзгу ишлари билан ном қозонган меценатлар, бизнес ҳамжамиятининг таниқли вакиллари мукофотланади.

Янгиликлар