Олтиариқда 2 та МЧЖнинг 17 та музлаткичи қарздорлик сабаб хатланди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида «Ozod export» ва «Azia fruit lines» масъулияти чекланган жамиятларининг қарздорлиги сабаб 3 млиллиард сўмлик 17 та музлаткичи хатланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Мажбурий ижро бюроси Олтиариқ бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг 2019 йил 3 июнь кунги ижро варақасига асосан «Ozod export» ва «Azia fruit lines» масъулияти чекланган жамиятларидан Миллий банк Фарғона филиали фойдасига 3 миллиард 70 миллион сўм кредит қарзини ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжати мавжуд.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Бюронинг Олтиариқ туман бўлими томонидан қарздорларга суд ижро варақасида кўрсатилган кредит қарзни тўлаб қўйишлари учун белгиланган ихтиёрий муддат берилган. Ушбу ихтиёрий муддат давомида қарздор масъулияти чекланган жамиятлар қарзини тўламаган. Шундан сўнг «Ozod export» ва «Azia fruit lines» МЧЖларга тегишли, нархи 3 миллиард сўм бўлган 17 та комплект музлаткич камералари хатлаб қўйилган ва онлайн савдолар орқали сотилиб, кредит қарзига йўналтирилган.

Аввалроқ Наманган шаҳрида 3 та МЧЖнинг қарздорлиги сабаб 300 миллион сўмдан ортиқ мол-мулки хатлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар