Фарғонада ички ишлар ходими ўзини отиб қўйди

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида ички ишлар органи ходими хизмат қуроли билан ўзини отиб қўйди.

Маълум бўлишича, Тошлоқ тумани ИИБ профилактика инспектори катта лейтенант А.У. жорий йилнинг 5 декабрда тунги хизматдан чиқиб, туман ИИБда ўтказилган эрталабки йўриқномага келмаган ҳамда у билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

Ўтказилган суриштирув ишлари давомида катта лейтенант А.У. яшаш хонадонидан тахминан 3 км узоқликдаги Бесаранг қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Катта Фарғона» канали ёқасидаги йўлининг четида, ўзига тегишли бўлган Spark русумли автомобилида ўзига бириктирилган ПМ хизмат қуроли билан бош қисмидан жароҳатланган, кома ҳолатда топилган ва зудлик билан тиббий муассасага жойлаштирилган.

Аниқланишича, ходим, ижтимоий тармоқларнинг «1xbet» (онлайн қимор) иловасидан фойдаланиб, жорий йилнинг август ойида 45 млн сўм ютқазганлиги учун, қарздорлик муаммоси ҳал этилиб, интизомий тартибда жазоланган ҳамда вилоят ИИБ қошидаги Интизомий кенгашнинг назоратида бўлган.

Ҳозирда ҳолат вилоят прокуратура органлари томонидан ўрганилмоқда.