Самарқандда ўғлини 2500 долларга сотмоқчи бўлган 25 ёшли аёл ушланди

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида 6 январь куни икки ёшли ўғил фарзандини 2500 долларга сотмоқчи бўлган 25 ёшли аёл қўлга олинди. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.

Фото: Каттақўрғон тумани ИИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, Каттақўрғон туманининг «Кадан» маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган аёл Х.Х. «Сашка» ва «Ҳилол» исмли шахсларга биринчи турмуш ўртоғидан туғилган, 2018 йилда туғилган ўғлини 2500 долларга сотмоқчи бўлган. Таъкидланишича, у айни кунда турмуш ўртоғи С.Қ. билан шаръий никоҳ асосида яшамоқда.

Маълум қилинишича, Х.Х. 6 январь куни соат 18:00 да туман Ички ишлар бошқармси Жиноят қидирув бўлими ва ТEҚКБ ходимлари томонидан олиб борилган Назорат тезкор тадбирида келишилган пулларнинг 1500 долларини олган вақтда қўлга олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада бир ёшли фарзандини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани маълум қилинган эди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида одам савдосига қарши курашиш масаласи кўриб чиқилган. Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ахборот ошкор этилмаслиги ҳақидаги қонунни имзолаган.