Самарқандда Миллий гвардия ходими ва адвокат пора билан ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида коррупциявий ҳолатларга йўл қўйган шахслар қўлга олинди.

Қайд этилишича, Оқдарё туманида яшовчи, Миллий гвардия Самарқанд вилояти Қўриқлаш бошқармаси Иштихон туманлараро қўриқлаш бўлими ходими 34 ёшли Ф.О. мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда маҳаллий фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишини мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилган. У фуқародан 1,5 минг долларни олган вақтида ушланган.

Шунингдек, бошқарма томонидан ўтказилган навбатдаги тадбир давомида, адвокат Ш.А. маҳаллий фуқарога суд томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилишини бекор қилиш мақсадида ўзининг мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, бунинг учун фуқародан 600 долларни пора тариқасида олаётган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар