Ўзбекистонда 457 мингта доимий янги иш ўрни яратилади

Президент раислигида қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва хизматларни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда чорва, парранда ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш бўйича вазифалар ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «ЎзА» хабар қилди.

Хабарга кўра, хизмат кўрсатиш лойиҳаларини жадаллаштириб, учинчи чоракда 75 мингта, йил якунига қадар яна 100 мингта, жами 175 мингта янги доимий иш ўринларини яратиш белгиланган.

Қайд этилишича, халқаро ва вилоятлараро магистраль йўллар ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиб, 50 мингта, шаҳар ва туман марказларида махсус кўчалар, ҳар бир туман маркази ва маҳаллада хизматлари ташкил этиб, камида 100 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

«Жорий йилда бандлик дастури доирасида 457 мингта доимий янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги бўйича қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаб, янги иш ўринларини 1,5-2 баравар ошириш мумкин.Бунинг учун барча ташкилий ва молиявий масалалар ҳал қилиб берилган», – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари ва тижорат банклари билан бирга, саноатда қўшимча лойиҳалар ҳисобига, қолган 7 ойда 175 мингта доимий янги иш ўрини яратишга масъул ва жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, Сурхондарёда бошланаётган тажриба асосида, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилинади.

«Вилоят, туман ҳокимлари одамларга ер бериш масаласини яхши тушуниб олса, ишсизлик, камбағаллик йўқолади. Бунинг учун ерни ҳақиқий эгаларига бериш керак. Ер бердик бўлди демасдан, ундан қандай фойдаланилаётганини доимий кузатиш, томорқа ер эгаларига ёрдам бериш лозим.– деди давлат раҳбари.

Янгиликлар