Уйида қиморхона ташкил этган самарқандлик эркак қўлга олинди

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан 2021 йил 6 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда туманнинг «Қорағуппа» маҳалласида пул эвазига қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар учун шароит яратиб берган эркак аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ

Маълум бўлишича, фуқаро О.Ф.нинг яшаш уйида қимор ўйнаётган етти нафар фуқародан жами 2 миллион 186 минг сўм пул ва 2 дона ўйинда ишлатилган карта калодалари холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан О.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда уйида қиморхона ташкил қилган аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани, Тошкентда фоҳишалик қилаётган 2 нафар қиз қўлга олингани, Қўқонда уйида фоҳишахона ташкил этган шахс ушлангани ва Наманганда уйида фоҳишахона сақлаган аёл қўлга олингани ҳақида хабар қилинган.