Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ангрендаги мактабда ўқитувчи ўқувчини ургани ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳар ХТБга қарашли 41-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ўқувчини урганлиги ҳолати юзасидан тарқалган видеотасвир юзасидан шаҳар ХТБ мудири Роҳила Абдуқодирова изоҳ берган. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Minbar.uz

Маълум бўлишича, ушбу ҳолат 4 февраль куни 41-умумий ўрта таълим мактабининг биология фани ўқитувчиси З.Т.нинг биология фан дарси давомида видео-тасвирга олинган.

Хабарга кўра, шу куни 9-«В» синф ўқувчиси А.Қ. дарсга дафтарсиз келиб, ўқитувчи доскага мавзу ва режани ёзаётган пайтда дарс жараёнига халақит қиладиган ҳаракат қилган. Шунингдек, ўқитувчи уни кетма-кет беш мартадан қўп огоҳлантиришига қарамай, дарс жараёнига халақит қилган.

Шундан сўнг, ўқитувчи мавзуни тушунтираётган вақтда ҳам ўқувчи яна ноўрин қилиқлар қилиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни дарсдан чалғитаётгани учун уни доска олдига чиқариб, нега бундай қилаётганлиги бўйича изоҳ бериши сўралганида, орқасига қараб, ўқитувчини масхара қилгани учун, ўқитувчи З.Т. унга курткасининг устидан бир мушт туширган.

«Ўқувчи А.Қ. ўқитувчи З.Т.га сиз боксёрсиз, яна мушт туширинг деб ўқитувчини қуюшқонидан чиқаргани учун, ўқитувчи жаҳл устида ўқувчига бир неча бор урган. Ўқувчи дарс тугаганидан кейин яна ўқитувчини масхара қилиб, хонадан чиқиб кетган. Ўқитувчи З.Т. бу ҳолат бўйича мактаб раҳбарияти ва синф раҳбарини огоҳлантирмаган. Сабаби ўқитувчи қон босими кўтарилиб, хонада чамаси икки соатлар ўтирган. Сўнг ўзи раҳбарлик қилаётган 6-«Д» синфда 5 февраль куни бўлиб ўтадиган тадбирга тайёргарлик кўрган», – деган ХТБ мудири.

Маълумотга кўра, 8 февраль куни ўқитувчи ҳар доимгидек 9-«В»синфда дарс ўтган. Ўқувчи А.Қ. 4 февраль кунги дарсдаги ҳаракатлари учун ўқитувчи З.Т.дан узр сўраб, у билан ўзаро келишиб олган. Шу ўринда З.Т. ва унинг ота-онасидан бўлиб ўтган ҳолат юзасидан кечирим сўраган.

Янгиликлар