Хабарга кўра, Бухоро шаҳридаги 3-ўрта умумтаълим мактаби ўқувчисида COVID-19 инфекцияси аниқлангани сабаб,  ўқув тизими 7 апрель кунидан бошлаб онлайн режимга ўтказилган.

«Бошқа ўқувчи ёшлар ва мактаб жамоатчилиги саломатлигини ҳимоялаш, шунингдек, мазкур мактабда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, эпидемиологик занжирни узиб қўйиш ҳамда ўқувчиларнинг алоҳидаланишини таъминлаш мақсадида ўқув тизими онлайн режимга ўтказилди. Махсус кўрсатма бўлгунга қадар онлайн ўқув режими давом эттирилади», — деди шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғи Ўткир Нажмиддинов.

Қайд этилишича, COVID-19 инфекцияси аниқланган 3-ўрта умумтаълим мактаби ўқувчиси шу мактабда таҳсил олиб келган акаси билан ҳам мулоқотда бўлган.

Аввалроқ, Пойтахтнинг учта туманидаги барча мактаблар онлайн режимга ўтказилган эди ва Пойтахтнинг 4 туманидаги мактабларда анъанавий дарслар қайта йўлга қўйилган эди.