Кинематография агентлиги 9 май муносабати билан янги фильмларнинг миллий телевизион премьерасини эълон қилaди

Кинематография агентлиги 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 10га яқин янги фильмларнинг миллий телевизион премьерасини тақдим этади.


Намойиши кутилаётган фильмлар рўйхатида жумладан, Кинематография агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида режиссёр Шуҳрат Маҳмудов томонидан суратга олинган «Матонат» ҳужжатли фильми, режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида 4 нафар ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган «Унутилмас қаҳрамонлар» туркум 8 та ҳужжатли фильмлар, шунингдек, чет эл кинофондларидан қайтарилган 16 та ўзбек дурдона асарлари ўрин олган. «Унутилмас қаҳрамонлар» туркумидаги фильмларда Зебо Ғаниева, Қудрат Суюнов, Иноят Наврўзбоев, Мамадали Топволдиев каби ўзбекистонлик уруш қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилинади. 

Куни кеча катта премьераси ўтказилган режиссёр Ҳилол Насимовнинг «Мерос» бадиий фильми ҳам юртимиз кинотеатрларида намойиш этилиши белгиланган. Фильмда уруш оқибатлари қозоқ ва ўзбек ёшлари ўртасидаги муҳаббат орқали ёритиб берилган. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва сақлаш Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда чет эл кинофондларидан рақамлаштирилиб, юртимизга қайтарилган «Сен етим эмассан», «Жарроҳ», «Генерал Раҳимов», «1941 йил олмалари», «Унутилмаган қўшиқ» каби 16 та дурдона асарларнинг айримлари илк бора тўлиқ ва асл ҳолатда телевидение орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Давлат раҳбарининг соҳага эътибори сабаб бугун томошабинлар учун уруш мавзусида қатор фильмларни телеэкранлар орқали намойиш этиш йўлга қўйилмоқда. Ўтган йил Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан телеканалларимизда «Илҳақ» фильмининг ўзбек тилидаги миллий телевизион намойиши ўтказилган эди. Жорий йил байрам муносабати билан ушбу фильм рус тилида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, 3-7 май кунлари Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ташаббуси билан бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмагида «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа-ҳафталиги ўтказилди. Медиаҳафталик доирасида 15 нафар ёш киноижодкорлар грантлар билан тақдирланди. Шунингдек, таниқли киноижодкорлардан иборат «Кинокарвон» Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ижодий сафарда бўлиб, учрашувлар ташкил этишди.  

Фильмларнинг телевизион намойиши билан қуйидаги рўйхат орқали танишишингиз мумкин:

TELEGRAPH