Самарқандда 100 минг дозага тенг бўлган «героин»ни сотмоқчи бўлганлар ушланди
Самарқанд вилоятида 100 минг дозага тенг бўлган героиннинг ноқонуний айланишига чек қўйилди, деб хабар қилди ИИВ матбуот хизмати.

Жумладан, ИИВнинг Тезкор-қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ДХХ ходимлари томонидан наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасини бартараф этиш ва уларнинг интернет орқали тарқатилиш каналларини аниқлашга қаратилган тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида, муқаддам Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан судланган 42 ёшли фуқаро ўзининг шериги бўлган 33 ёшли шахсга оғирлиги 1 кг бўлган «героин» моддасини 38 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.




