Ўзбекистонда неча нафар кўнгилли коронавирусга қарши эмлангани маълум бўлди

Ўзбекистонда шу кунга қадар 6751 нафар кўнгилли коронавирусга қарши вакцинациянинг 3-клиник синов босқичини ўтказди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълум қилди.

Фото: Getty Images

Хабарга кўра, Ўзбекистонга 8 нафар хитойлик мутахассис келган, улар бугунги кунда Инновацияни ривожлантириш вазирлиги билан хамкорликда 3 фаза клиник босқичини амалга оширмоқда.

Таъкидланишича, Ички ишлар вазирлигига қарашли 3 та поликлиника, Инновацион ривожланиш вазирлигининг кўргазмалар зали ва Юнусобод тумани 15-сонли оилавий поликлиникасида жами 5 та муассасада COVID-19’га қарши кўнгиллиларни скринингдан ўтказиш ҳамда вакцинация қилиш учун махсус жой ташкил қилинган.

Қайд этилишча, 10 февралга қадар 14 274 нафар кўнгилли тиббий кўрик ва суҳбатдан ўтказилди. Уларнинг 6751 нафарида (47,3 фоиз) вакцинациянинг 3-клиник синов босқичлари амалга оширилди.

Шунингдек, мамлакатга COVAX’га аъзо давлатлар сингари вакцинани олиб киритилиши бўйича ҳам буюртма киритилган бўлиб, ЖССТ ва UNICEF халқаро болалар жамғармаси билан ҳамкорликда оммавий эмлаш тадбирларини амалга ошириш бўйича режа киритилди ҳамда Россияда ишлаб чиқилган СПУТНИК-V вакцинасининг олиб келиниши, ушбу вакцинани сертификатлаш ва эмлаш тадбирлари бошланиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Хитойнинг Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги коронавирус рекомбинант вакцинасининг хавфсизлиги ва COVID-19 инфекциясининг олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш мақсадида III фаза клиник тадқиқотлари ўтказилиши режалаштирилган. 9000 нафар кўнгиллилар орасида иммунизация тадбирларини ўтказиш учун вакцина олиб келинган.