Латвияда биринчи марта юқори патоген парранда гриппи аниқланди

Латвияда биринчи марта юқори патоген парранда гриппи ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Фото: vk.com

Озиқ-овқат ва ветеринария хизмати (ПВС) матбуот хизмати маълум қилишича, Юрмалада иккита ўлик оққушда парранда гриппи аниқланган.

«ПВС Юрмаладаги Дзинтари пляжидан топилган иккита ўлик оққушда юқори патоген парранда гриппи мавжуд эканлигини тасдиқловчи лаборатория текширувлари натижаларини олди. Бу – Латвияда ушбу гриппнинг илк кўриниши», – дейилади хабарда.

Шу муносабат билан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ПВС тақдим этган маълумотларга асосланиб, бутун мамлакат бўйлаб паррандачилик фермаларида биохавфсизликнинг қўшимча чоралари, шу жумладан, паррандаларнинг ёввойи қушлар билан бевосита ёки билвосита алоқасини чеклашни ҳам режалаштирмоқда.

«ПВС Латвия парранда боқувчиларига ҳозирданоқ, чекловлар қўйилишидан олдин, ёввойи қушлар, айниқса, сув қушлари (оққушлар, ўрдаклар)га яқинлашишнинг олдини олиш ва бошқа Европа мамлакатларида паррандаларни сотиб олишдан сақланиш учун паррандаларни бино ёки катакдан чиқармасликни тайинламоқда», – дея қайд этади агентлик.

Парранда боқувчилардан касаллик белгилари пайдо бўлган тақдирда дарҳол ПВСни хабардор қилиш сўралган.

ПВС маълумотларига кўра, 2021 йилда юқори патоген парранда гриппи Европанинг 20 хил ёввойи қушларида, 16 та мамлакат паррандаларида аниқланган.

Парранда гриппи – ҳазм қилиш ва нафас олиш органлари фаолиятига таъсир қилувчи ва қушларнинг ўлимига олиб келувчи ўткир юқумли вирусли касаллик. Ёввойи қушлар касаллик ташувчи ҳисобланади. Ушбу касалликнинг кўпгина штаммлари одамлар учун хавфли эмас.