Ўзбекистон ва Озарбайжон журналистларининг тажриба алмашинуви йўлга қўйилиши мумкин

10 апрель Озарбайжон пойтахти Бокуда Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасидаги йиғилиш ўз ишини бошлади. Бу ҳақда АОКА ахборот хизмати маълум қилди.


Хабарга кўра, йиғилишда Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев раҳбарлигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.

Қайд этилишича, мазкур йиғилишда ахборот ва медиа соҳасида халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, ўзаро тажриба алмашиш ва Кенгашга аъзо мамлакатлар оммавий ахборот воситалари ходимларининг малакасини ошириш бўйича семинарлар, ўқув-курслари, пресс-турлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама этилмоқда.


Таъкидланишича, ташриф доирасида, бугун Асаджон Ходжаев Озарбайжон Миллий кутубхонаси директори Карим Тоҳиров билан ахборот-кутубхоначилик соҳасини янада ривожлантириш, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланишда жаҳон тажрибасини жорий этиш каби масалаларда фикр алмашилди.

Шунингдек, АОКА раҳбари Озарбайжон телевидение ва радиоэшитиришлари” ЁАЖ раиси Ровшан Мамедов билан мулоқот давомида теле-радио соҳасидаги замонавий, илғор технологиялардан самарали фойдаланиш, икки мамлакат журналистларининг ўзаро тажриба алмашиши бўйича таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари, Асаджон Ходжаев Туркий Кенгаш Бош котиби Багдад Амреев билан ҳам учрашиб, Ўзбекистон ҳамда Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Ташкил этилаётган бу каби йиғилишлар ахборот соҳасида янги мувоффaқиятларга замин бўлиши таъкидланди.

Янгиликлар