Қашқадарёда ўқувчиларга 2 баҳо қўйган ўқитувчи калтакланди

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134 -умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шохнур Оққузиев ўқувчилардан бирининг акалари томонидан қаттиқ калтакланди. Бу ҳақда Nasafnews хабар қилди.

Фото: Nasafnews

Хабарга кўра, 6 апрель куни ўқитувчи 6-7 синф ўқувчиларнинг кўпчилиги дарсга тайёрланиб келмаганлиги сабаб, уларга паст баҳо қўйган.

Қайд этилишича, бир ўқувчи баҳодан норози бўлган ва кетиб қолган. Дарс тугагач ўша ўқувчи акаларини олиб келган.

«Мен ҳар доимги ота-оналардан бири бўлса керак, деб ўйладим. Борганимда эса 3 нафар йигит турган экан, сенми ўша зўравон деб бирдан қўлимга тармашиб кетишди. Ўша пайтда рус тили ўқитувчимиз воқеа устидан чиқди. Ёши каттароқ бўлгани учун устозга қочинг, кетинг дедим», дейди жабрланган ўқитуви Шохнур Оққузиев.

Таъкидланишича, жанжал мактаб ўқитувчилари томонидан тўхтатилган.

«Калтаклашгандан кейин, сен кетиб қолмай тургин, кечга сўйиб кетамиз. Тайёр бўлиб тур шу ерда, деб айтишди. Шундан сўнг, она тили фани ўқитувчиси маҳалла инспекторни чақирди», – дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, айни пайтда Шохнур Оққўзиев вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг билаклари, бели ва оёғига жиддий шикаст етказилган.

Янгиликлар