Ўзбекистонда фахрий донорларга қатор имтиёзлар берилади

Президент қарори билан республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолияти такомиллаштирилади ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракати ривожлантирилади.

Ҳужжат билан 2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (4,5 миллион сўмгача) оширилади;

«Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
  • шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
  • давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш.

Шунингдек, доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади. Донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.

Бундан ташқари, иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади. Шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.

Янгиликлар