Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди

Самарқанд вилоятида 11,5 килограммдан ортиқ олтин кукунини ноқонуний равишда сотишга уринган шахслар қўлга олинди.

Маълум қилинишича, икки нафар фуқаро Самарқанд вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, Навоий вилоятида яшовчи бир гуруҳ шахслар уларга 50 минг доллар эвазига 11,5 килограмм олтин кукунини сотмоқчи эканини билдирган. Ушбу шахслар олтин кукунини Самарқанд шаҳрига олиб келиб беришни ваъда қилган.

Мазкур аризага асосан Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида 6 нафар шахс ариза муаллифларига 11,575 килограмм олтин кукунини 50 минг долларга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.