Тошкентда спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида тўрт киши вафот этди

Тошкентда спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида 4 киши шифохонада вафот этди. Бир нафари комада қолмоқда.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 8 октябрь куни 36 ёшли эркак соғлиғидан шикоят қилиб, шифохонага ётқизилган. Ва спиртли ичимликдан заҳарланиши оқибатида шифохонада вафот этган.

Шунингдек, 9 октябрь куни 44 ва 65 ёшли эркак ҳамда 56 ёшли аёл спиртли ичимлик истеъмол қилиб, соғлиғи ёмонлашгани сабаб шифохонага олиб келинган ва кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай вафот этган. Шу куни заҳарланиши сабаб олиб келинган 33 ёшли эркак эса комадалиги маълум қилинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.