Ўзбекистонда қанча мамлакат фуқароларидан виза талаб қилинмаслиги маълум бўлди

Ўзбекистонда фуқароларидан виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9 тадан 86 тага етказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, 9 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Мазкур йиғилишда бу ҳақда батафсил маълумот берилган.

Йиғилишда таъкидланишича, Ўзбекистонда туризм иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида ривожлантирилмоқда. Қатор фармон ва қарорлар асосида бу соҳадаги шароитлар кенгайтирилмоқда. Хусусан, фуқароларидан Ўзбекистонга виза талаб этилмайдиган мамлакатлар сони 9 тадан 86 тага етказилган, 53 та давлат учун «электрон виза» тизими жорий этилган.

«Туризм учун қийин бўлган жорий йилда соҳадаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, уларга субсидия ва ссудалар берилди. Танқидий руҳда ўтган йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тиклаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди», дейилади хабарда.

Aввалроқ Ўзбекистонда 7 октябрдан «Грин кард» учун аризалар қабули бошланиши хабар қилинган эди. Эслатиб ўтамиз, Карантин даврида Ўзбекистонда яшаётган хорижий мамлакатлар фуқароларининг виза муддати автоматик равишда 2020 йилнинг 1 ноябрь кунига қадар узайтирилгани маълум қилинган эди.