Россияда ҳам коронавируснинг «британча» тури тарқалди

Россияда коронавируснинг «британча» штаммини юқтириш бўйича биринчи ҳолат аниқланди. 10 январь куни «Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова бу ҳақда «Россия 1» телеканали эфирида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: «ТАСС»

Попованинг сўзларига кўра, 2020 йил охирида Буюк Британиядан қайтиб келган рус фуқаросидан янги SARS-CoV-2 мутацияси топилган. «Роспотребнадзор» раҳбари янги штамм фақат бир кишида аниқлангани ва у ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган.

Унинг таъкидлашича, мамлакатдаги ПЗР синов тизимлари вируснинг янги турини аниқлаган. Шунингдек, у мамлакатда рўйхатдан ўтган вакциналар коронавирусдан «мутлақо ҳимоя қилади», деб ишонтирган.

Ноябрь ойининг охиридан 22 декабригача (мамлакатлар ўртасида парвозлар тўхтатилгунга қадар) Буюк Британиядан етти минг киши Россияга учиб келган. Уларнинг 32 тасида коронавирус аниқланган.

Маълумот учун, Россияда айни пайтда 3 401 954 киши коронавирусга чалинган. Бу кўрсаткич билан мамлакат дунёда 4-ўринда бормоқда. Ҳозиргача 61 837 киши вирусдан вафот этган. Соғайганлар сони эса 2 778 889 тани ташкил этади. 561 228 киши шифохоналарда вирусга қарши курашмоқда.

Авввалроқ россиялик доктор коронавирусни аниқлашнинг оддий йўлини маълум қилган эди. Шунингдек, «Роспотребнадзор» раҳбари коронавирус пандемияси қачон тугашини маълум қилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар