«Шахсан мен ҳеч қачон чиройли рақамга эгалик қилишга қизиқмаганман». Зафар Ҳошимов 60 минг долларга сотилган авторақам ҳақида

Самарқанд вилояти учун 14 декабрь куни аукцион сотувга чиқарилган исталган ҳарф комбинациясидаги илк авторақам «30 Z 777 ZZ» 596 миллион 525 минг сўмга сотилгани ҳақда хабар берилганди. Тадбиркор Зафар Ҳошимов мазкур авторақамга ўз муносабатини билдирди.

Фото: Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Тадбиркор Зафар Ҳошимов ушбу авторақамнинг давлат томонидан сотилиши ва кимдир уни расман шундай пулга сотиб олишини маъқуллаган:

«Шахсан мен ҳеч қачон на телефон ва на автоуловда чиройли рақамга эгалик қилишга қизиқмаганман. Аксинча, менга деса, бундай рақамлар қанча одамлар эсида кам колса, эгасига шунча яхши. Лекин шу борада ўша рақамни давлат томонидан сотилиши ва кимдир уни расман шундай пулга олишини ёмонламайман».

Шунингдек, у аввал ҳам шундай рақамлар норасман сотилганини таъкидлаган:

«Бир томондан, аввал хам шундай блатной рақамлар норасман сотилган ёки сендан угина мендан бугина йўсинда тақсимланган, фақат давлатга, элга ундан ҳеч қандай наф бўлмаган. Хозир мана ярим миллиарддан ортиқ пул нақд давлат ғазнасига тушди. Умид қиламиз, иншаАллоҳ, бу маблағда ўша ҳамма танқид қилувчилар жон куйдираётган етимлару-камбағалларнинг ҳам улуши бор.

Иккинчи томондан, шунақа номерни ҳавас қиладиган одам иштиёқи шу қадар баланд экан, яхшиямки у пулини номерни пора бериб олиш ўрнига ёки бошқа ҳар хил беҳуда орзу ҳавас ўрнига тўлалигича давлат ҳисобига тушурди. Пул эгаси ҳам ўзи, уни ишлатиши ҳам ўзининг иши ва бу каби ишлатиш натижасида фойда эл ҳисобига келгани учун, уни тоза исроф дейишга тилим қайрилмаяпти. Қанийди хамма бехуда харажатлар шу каби тўла давлат ҳисобига тушса эди, буджет тўлиб, солиқлар хам қисқарармиди… Яна айтиб ўтай, номер эгасига ҳеч кандай алоқам йўқ».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таниқли продюсер ва актёр Аҳад Қаюм Instagram’даги саҳифасида 4 январь куни UZEX биржаси аукционида харид қилинган 637 миллион 668 минг сўмлик «30 Z 777 ZZ» авторақами бўйича маълумот берган эди.

Янгиликлар