Фарғонада Туркий Кенгашнинг Туризм вазирларининг VI йиғилиши ўтказилади

23-24 июнь кунлари Қўқонда Туркий кенгаш туризм масалалари вазирларининг VI йиғилиши ва Туризм бўйича ишчи гуруҳнинг  XV йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати TezNews’га хабар қилди.

Фото: wikipedia

Маълум бўлишича, Хива, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари Туркий кенгаш доирасида амалга оширилаётган «Modern Silk Road» қўшма туризм маршрути лойиҳасига киритилган.

Қайд этилишича, мазкур тадбирда Туркий кенгаш Бош котиби Бағдат Амреев, Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Актоти Раимкулова, Қирғизистон Республикаси Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Акилбек Жапаров, Озарбойжон Республикаси давлат туризм агентлиги раиси Фуад Нагиев ўз иштирокини тасдиқлаган.

Шунингдек, Кенгашга аъзо давлатларда туризм соҳасининг пандемиядан кейинги тикланиши, «Табаррук зиёрат» лойиҳасини амалга ошириш ҳамда аъзо давлатларнинг йирик шаҳарлари ўртасида халқаро авиарейсларни тиклаш каби масалалар муҳокама қилинади.

Таъкидланишича, Қўқонда ўтказилиши режалаштирилган йиғилиш Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлганидан кейинги вазирлар даражасидаги биринчи тадбир ҳисобланади.

Янгиликлар