Шавкат Мирзиёев Тожикистоннинг биринчи даражали ордени билан мукофотланди

«Кўҳи Борбад» санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Хабар берилишича, тадбирда Тожикистон Президентининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Тожикистоннинг юксак мукофоти — I даражали «Зарринтож» ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармони ўқиб эшиттирилди. Орденни давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тантанали равишда топширди.

Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев юксак эътибори учун миннатдорлик билдириб, ушбу мукофот катта ҳурмат ва ишонч ифодаси, халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эътирофи эканини таъкидлади.

«Бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни ривожлантириб, катта мақсадларимизга эриша оламиз. Биз доим бир-биримизга таянч бўлишимиз, ҳар қандай қийинчилик ва синовларни елкама-елка енгиб ўтишимиз лозим», – деди Ўзбекистон Президенти.

«Бу Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларининг янги модели, янги муҳитида ўз аксини топмоқда. Энг муҳими, барча саъй-ҳаракатларимиз ва амалий ишларимиз халқларимиз манфаатлари ва орзу-интилишларига тўлиқ мосдир», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи давом этмоқда.

Аввалроқ, Президентнинг ҳафталик иш режаси маълум қилинди деб хабар берган эдик.