Ўзбекистонда содир этилган жиноятлар учун қандай жазо кўпроқ қўлланади – инфографика

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига асосан, 2019 йилда Ўзбекистонда содир этилган жиноятларнинг катта қисмини иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар, ўғрилик ва фирибгарлик ташкил этган. Теz Nеws 2020 йилнинг 9 ойи давомидаги Олий суд маълумотларига асосланиб, Ўзбекистондаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ва уларга берилган жазо турларини ўрганди.

Жиноий ишлар


Ўтган йилнинг 9 ойида судлар томонидан 21 мингта жиноят иши кўриб чиқилган бўлса, уларда 26,5 минг шахс иштирок этган. Олий суднинг 11 863 та иш бўйича берган маълумотларига кўра, кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри пешқадам бўлди. Пойтахтда асосан гиёҳвандлик билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилган. Шуни қайд этиш керакки, республика бўйича статистикага эътибор қаратилса, ўтган йилнинг 9 ойида бутун республикада энг кўп кўриб чиқилган ишлар ўғрилик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ.


Юқорида таъкидланганидек, Олий суднинг 11 мингдан ортиқ жиноят бўйича тақдим этган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда асосан ўғрилик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар содир этилади. Гиёҳвандлик бўйича ишлар Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳатто ўғриликдан ҳам кўп кўриб чиқлиган.

Ўзбекистонда жиноятларни асосан эркаклар содир этишади, 2020 йилнинг 9 ойлигида кўриб чиқилган ишларнинг 87,7 фоизини эркаклар содир этган.

Охирги 3 йилда оқланганлар сони 2 555 тани ташкил этган. 2020 йилнинг 9 ойлик натижасига кўра, жиноят иши кўрилганларнинг фақат 2,1 фоиз оқланишга эришган. 97,9 фоизига нисбатан эса маълум чоралар кўрилган. Аммо шуни қайд этиш керакки, 97,9 фоизнинг барчаси озодликдан маҳрум қилинмаган. Аксарият жиноятчи деб топилганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Ўтган йилнинг июль ойида Олий суд раиси Икром Муслимов ярим йил давомида 550 та иш бўйича 1111 та дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган асоссиз айбловлар бекор қилингани ҳақида хабар берган эди.

«Оқланган шахслар томонидан асоссиз жавобгарликка тортилиши оқибатида етказилган мулкий ва маънавий зарарни ундириш бўйича киритилган даъво аризаларига мувофиқ, ноқонуний жиноий таъқиб оқибатида жабр кўрган фуқароларимизга 34 млрд 378 млндан ошиқ мулкий ва маънавий зарар тўлиқ ундириб берилган», – деган эди Икром Муслимов.

Маъмурий ишлар.

Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича 2020 йил 9 ойи ҳолатидаги маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар кўпроқ ҳақорат қилиш оқибатида судланадилар. Кейинги ўринларда лицензиясиз йўловчи ташиш билан шуғулланиш ва маст ҳолатда автомобилни бошқариш ҳолатлари қайд этилган.

Статистика асосида Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларини энг кўп ҳақорат ҳолатлари содир бўладиган вилоятлар дейиш мумкин бўлса-да, ушбу вилоятларда тан жароҳати етказиш Фарғона вилоятидан анча камроқ. Шуни қайд этиш керакки, Фарғона вилоятида ҳар 10 та ҳақорат қилиш ҳолатига 8,4 та енгил жароҳат етказиш ҳолати тўғри келади.

Тошкент шаҳри енгил тан жароҳати етказиш ва хақорат ҳолатлари бўйича енг кам иш кўрилган ҳудуд бўлса-да, майда безорилик ва автомобилларда лицензиясиз йўловчи ташиш ҳолатлари бўйича «лидерликни» ҳеч кимга бермади (2019 йилда ҳам ушбу ҳолат кузатилган).

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 9 ойида Тошкентда ёшлар ҳуқуқбузарлиги Ўзбекистондаги энг юқори кўрсаткични қайд этди – 41 337. Ундан кейинги ўринни эгаллаган Самарқанд вилоятида ёшлар ҳуқуқбузарлиги деярли 4 баравар кам – 10 585.

2019 йилда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 24 536 шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси қўлланган бўлса, шуларнинг 94,3 фоизи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Автомашинани маст ҳолда бошқарганлар сони деярли 31 мингтани ташкил этади. Яъни ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганларнинг деярли 75 фоизи ҳам жарима тўлаган, ҳам транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

 

Янгиликлар