«Номус кучи» фильми муаллифнинг розилигисиз эфирга узатилганлиги маълум бўлди

«Номус кучи» фильми муаллифнинг розилигисиз эфирга узатилганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Интеллектуал мулк агентлиги Tez News’ га хабар берди.

Таъкидланишича, Интеллектуал мулк агентлигига «Ш.М.М» масъулияти чекланган жамияти томонидан Севимли телеканалида «Номус кучи» номли бадиий фильмдан муаллифнинг розилигисиз ҳамда тегишли шартнома расмийлаштирилмаган ҳолда фойдаланганлик ҳолати бўйича қонуний чора кўриш тўғрисидаги мурожаати келиб тушган. Ушбу мурожаат Агентлик томонидан ўрганиб чиқилиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Жиноят судига баённома киритилган. Шунга кўра, Маъмурий жавобгарликка тортиш ва етказилган моддий зарарни ундириш бўйича масалалар суд томонидан ҳал этилади.

Маълумотларга кўра, 2020 йил 1 июлда «Номус кучи» номли бадиий фильмининг муаллифи бадиий фильмдан фойдаланиш бўйича мутлақ мулкий ҳуқуқни «Ш.М.М» масъулияти чекланган жамиятига ўтказиб берган. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига кўра аудиовизуал асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектларидан бири ҳисобланади.
Ваҳолангки, «Номус кучи» бадиий фильми 2020 йил 13 ноябрда эфирга узатилган бўлиб, ушбу даврда ҳуқуқ эгаси билан аудиовизуал асардан фойдаланиш бўйича розилик олинмаган ва ҳеч қандай шартнома расмийлаштирилмаган.