Тошкентда қиз ўзини поезд остига ташлаб, жонига қасд қилмоқчи бўлди

Тошкентдаги «Яланғоч» ва «Салар» темир йўл станциялари оралиғида фуқаро (қиз бола) ўзини поезд остига ташлаган. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Фото: O’zTemiryo’l

Маълум бўлишича, қиз ҳозирда шифохонада. Шунингдек, тергов органлари томонидан мазкур ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Бундай ҳолатларнинг такрорланишини ҳисобга олган ҳолда, шуни маълум қиламизки, тегишли таркибий тузилмалар, ташкилотлар ва жойлардаги мутасаддилар томонидан мунтазам равишда темир йўл яқинида истиқомат қилувчи аҳоли ва транспорт воситалари эгалари билан темир йўлда хавфсизликка риоя этиш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Профилактик суҳбатлар, қатор учрашувлар, мавзу доирасида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, айниқса, бу борада мактаб ўқувчилари ва ўсмирлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумотга кўра, аввалроқ Тошкентда ўн тўрт ёшли қиз мактабдан темир йўл кесишмаси орқали уйига қайтаётган вақтида, уни юк поезди уриб юборган.